1.2Дастур билан ишлаш режимлари
- конфигурациялаш ва ижро жараёнлари
- типовой конфигурация нима
- «Конфигуратор» ва «1С:Предприятие» режимларининг фарқи
1С:Предприятие 8 — универсал тизим бўлиб, иқтисодиётнинг турли тармоқларидаги тижорат ташкилотлари учун бухгалтерия ва солиқ ҳисобининг автоматлаштирилган ахборот тизимларини яратиш имконини беради. Ахборот моделини қуриш концепцияси бўйича «1С:Предприятие 8» ҳисоб маълумотларининг универсал моделига эга тизимлар, дастурни қуриш усули бўйича — ягона дастурий ядрога эга тизимлар синфига киради.
«1С:Предприятие 8» тўлиқ реконфигурация қилинадиган тизимлар синфига мансуб. Конфигурациялаш бухгалтерия ҳисобининг алоҳида бўлимларини автоматлаштиришдан тортиб, иқтисодий объектни бошқаришнинг корпоратив ахборот тизимларини автоматлаштиришгача бўлган исталган иловаларни яратиш имконини беради. Тизимнинг ишлаши вақт бўйича ажратилган иккита жараёнга бўлинади:
- созлаш (конфигурациялаш);
- ва ижро.
Конфигурациялаш предмет соҳаси моделини тавсифлашдир. Бу жараённинг натижаси — предмет соҳасининг модели бўлган конфигурация. Конфигурацияни лойиҳалаш дастурлаш соҳаси ва автоматлаштириш предмет соҳаси бўйича чуқур билимни талаб қилади. Шу сабабли дастур етказиб бериш мажмуасига тайёр ечим — типовой конфигурация киради: унда бухгалтерия ҳисобини юритиш методологияси мамлакат қонунчилигига мувофиқ амалга оширилган (бизнинг ҳолда — Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига). Жорий қонунчилик ўзгарганда ишлаб чиқарувчи типовой конфигурацияни янгилайди, янгиланган вариант фойдаланувчиларга марказлашган тартибда берилади.
Ижро — предмет соҳаси маълумотларини қайта ишлаш, яъни фойдаланувчининг ахборот тизими билан бевосита ишлаши: справочникларни тўлдириш, ҳужжатларни киритиш, турли ҳисоб-китобларни бажариш, ҳисоботларни шакллантириш.
«1С:Предприятие 8» билан ишлаш режими ишга тушириш ойнасида танланади: ўнг томондаги 1С:Предприятие ва Конфигуратор тугмалари (1.1-7-расм):
- Предмет соҳаси моделини тавсифлаш, фойдаланувчи интерфейсларини яратиш, маълумотлар объектларига кириш ҳуқуқларини белгилаш, конфигурацияни янгилаш, предмет соҳаси маълумотларини сақлаш ва тиклаш ва ҳ.к. учун Конфигуратор режими танланади.
- Предмет соҳаси маълумотларини қайта ишлаш учун тизим 1С:Предприятие режимида ишга туширилади.
Янги ахборот базаси билан биринчи ишга туширишда дастур, одатда, дастлабки созламалар ва ташкилот маълумотларини киритишни таклиф қилади. Энди ҳисоб юритишни бошлаш мумкин. Аввало справочникларни тўлдириш керак бўлади; уларнинг биринчиси — ташкилот ҳақидаги маълумотлар справочниги. Дастур ишни айнан шу ҳаракатдан бошлашни таклиф қилади; бу 2-бобда кўрилади.
Шундай қилиб, дастур фойдаланувчи компьютерига ўрнатилган, «1С:Бухгалтерия 3.0» таҳририда конфигурация учун бўш ахборот базаси яратилган ва дастурни созлаш ва хўжалик ҳаёти фактларини киритиш бўйича ишга киришиш мумкин. Лекин ишлашнинг иккинчи варианти ҳам бор — Интернет орқали «булутда» ишлаш. Бу ҳақида кейинги параграфда умумий тушунча берилади.
Тест: ўзингизни синаб кўринг
Назорат саволлари
- «1С:Предприятие» дастурлар тизими нима? «Конфигуратор» ва «Типовая конфигурация» нима?
- Локал компьютерга ўрнатилган версиядан фойдаланишда «1С:Бухгалтерия» дастури билан ишлашнинг қандай режимлари мавжуд?
- «1С:Бухгалтерия» дастурини ишга тушириш режими қачон ва қандай аниқланади?