1.3«Булутли» ҳисоблаш нима?
- булутли ҳисоблаш ва SaaS тушунчалари
- дастурни хизмат сифатида ишлатишнинг афзалликлари
- ўқув жараёнида булутли хизматдан фойдаланиш
Охирги йилларда ахборот технологиялари соҳасида янги мавзу пайдо бўлди ва фаол ривожланмоқда — булутли ҳисоблаш технологиялари. Лекин бу мавзу ва технологиялар чиндан ҳам янгими? Булутли технологиялар, аслида, бизга анчадан бери таниш, фақат аввал уларни бундай атамасдик. Бунга мисол — Gmail каби электрон почта хизматлари. Яъни электрон хатларни жўнатиш ва қабул қилишни хоҳлаган фойдаланувчи қуйидаги имкониятга эга:
- почта дастурини (почта мижозини) сотиб олиб, ўз компьютерида ишлатиш;
- почта хизматидан фойдаланиш. Бу ҳолда дастурни сотиб олиш ва компьютерга ўрнатиш шарт эмас — дастур ҳам, хатлар ҳам шу хизматни тақдим этувчи провайдернинг узоқдаги серверида сақланади.
Дастурни Интернет-хизмат (веб-хизмат) сифатида тақдим этишнинг иккинчи режими SaaS (Software as a Service) — «Хизмат сифатидаги дастур» режими деб аталади. Бу ҳолда дастур қутисини сотиб олиш керак эмас, версияларни янгилаш ҳақида қайғуриш, дастурнинг ўзини ва маълумотларни сақлаш учун диск хотирасини ажратиш, маълумотлар сақланишини таъминлаш ҳам шарт эмас — бу функцияларнинг барчасини тегишли хизматни тақдим этувчи провайдер ўз зиммасига олади.
Веб-хизмат билан узоқдан ишлаш учун компьютерда фақат Интернет-браузер бўлиши (у мижоз ролини бажаради) ва, албатта, Интернетга чиқиш имконияти керак. Почта хизмати ҳолида бу хизмат бепул берилади, лекин, принципда, бундай хизматлар ҳақ эвазига ҳам тақдим этилиши мумкин — масалан, абонент хизмати тизими бўйича ёки бошқа усулда. Шунга ўхшаш фойдаланиш схемаси фақат почта дастурларигагина эмас, турли функционалдаги бошқа исталган дастурларга ҳам қўлланиши мумкин. Айнан шундай ёндашув булутли ҳисоблашни ташкил қилишнинг асосида ётади: барча керакли дастурлар ва маълумотлар базалари узоқдаги серверларда («булутларда») сақланади, фойдаланувчи эса улар билан «ингичка» мижоз режимида ишлайди. Бунда фойдаланувчи реал истеъмол қилинган хизмат учун — масалан, дастур билан реал ишлаган вақт, реал фойдаланилган ташқи хотира ва ҳ.к. учун тўлаши муҳим.
Интернет технологиялари ривожланиши билан узоқдаги серверларга («булутларга») тобора мураккаб дастурлар ва маълумотлар базаларини кўчириш, уларда катта ҳажмли, юқори унумдор ҳисоблашларни бажариш имконияти пайдо бўлди. Бугунги кунда булутли ҳисоблаш технологиялари тасвирлар ва нутқни аниқлаш, матнларни турли тиллардан таржима қилиш, молия, сотув, маркетинг, мижозларга хизмат кўрсатишни бошқариш ва бошқа соҳаларда қўлланилмоқда.
«1С:Предприятие 8» платформаси 8.2 версиясидан бошлаб «булутли» ҳисоблаш режимида ишлайдиган дастурий ечимларни яратиш ва ишлатиш имконини беради. Булутли иловалар қутидаги («ердаги») аналоглари билан бутунлай бир хил функционалга эга. Булутли хизматни тақдим этувчи ташкилот (провайдер) фойдаланувчиларга дастурларни хизмат сифатида ва фойдаланувчи ахборот базаларини сақлаш ва қайта ишлаш учун зарур барча ҳисоблаш ресурсларини беради.
Булутли технологиялардан амалий фаолиятда фойдаланиш афзалликлари ҳақида жуда кўп гапирилади; бу мавзуда маълумотни илмий ва касбий нашрлардан, Интернет тармоғидан топиш мумкин. Бундан ташқари, ўқув жараёнида булутли хизматлардан фойдаланишда очиладиган янги методик имкониятлар ҳам қизиқиш уйғотади. «1С:Бухгалтерия» нинг булутли версияси бухгалтерлар, аудиторлар, таҳлилчилар, шунингдек ҳисоб тизимларини администрация қилиш ва ишлаб чиқиш мутахассисларини тайёрлашда таълим фаолиятида фойдаланиш учун яхши истиқболларга эга. Ўқув жараёнида амалий дастурларни булутли ҳисоблаш режимида ишлатишда очиладиган ташкилий-техник афзалликларни санаб ўтамиз:
- Дастурий таъминотни жисмоний сотиб олиш ва ўрнатиш зарурати йўқолади.
- Ўқувчининг (фойдаланувчининг) дастурлари ва ахборот базаларини сақлаш учун ҳисоблаш қувватлари ва ресурсларга эҳтиёж қисқаради.
- Амалий тизимларни қўллаб-қувватлайдиган ўқув муассасаси хизматчи ходимларига эҳтиёж қисқаради (айрим талабалар ёки гуруҳлар иши натижаларини архивлаш, якка ва гуруҳ маълумотларини тиклаш, носозликлардан кейин тиклаш ва ҳ.к.).
- Ўқувчи амалий дастурлар ва ахборот базаларига аудиториядан, уйдан, транспортдан ва бошқа исталган жойдан киришга эга бўлади. Фойдаланувчи (ўқувчи) вазифани ишнинг узилган сўнгги нуқтасидан ҳар доим давом эттира олади.
- Ишни исталган вақтда тўхтатиш ва қайта бошлаш (бу кутилмаган алоқа узилишлари, Интернетдан чиқиб кетиш ҳолларида муҳим), аудитория ишини уйда давом эттириш ва аксинча имконияти таъминланади.
- Ишни турли компьютерларда, турли браузер ва операцион тизимлар билан бажариш имконияти таъминланади; бу ўқувчиларнинг аудитория ва аудиториядан ташқари ишининг ягона ахборот муҳитини ташкил қилиш учун жуда муҳим.
- Маълумотлар сақланишининг юқори даражаси таъминланади, чунки провайдер маълумотларни ҳимоя қилиш бўйича кўпчилик ўқув муассасаларидагидан анча катта техник имкониятларга эга.
Методик жиҳатдан аввало шу муҳимки, дастурнинг булутли версиясида амалий объектларнинг таркиби, номлари ва мазмуни бўйича тўлиқ изчиллик сақланган, анъанавий фойдаланувчи интерфейси асосан сақланган — шу сабабли фойдаланувчи тушунарсиз талаблар билан қийин аҳволга тушиб қолишини тасаввур қилиш қийин. Дастурнинг булутли версиясида ҳисоб юритиш технологияси ва дастур билан ишлаш усуллари тўлиқ сақланган: меъёрий-справочник ахборотини шакллантириш, жорий операцияларни киритиш, регламент жараёнларини бажариш ва ҳисоботни шакллантириш қоидалари оддий версиялардагидек қолади. Юқорида таъкидланганидек, истаган фойдаланувчи ишлаш режимини ўзгартириб, булутли хизматдан локал режимда дастурдан фойдаланишга ёки аксинча ўтиши мумкин — жамланган маълумотлар «1С:Предприятие» нинг штатли воситалари билан бир ечимдан бошқасига ўтказилади.
Тест: ўзингизни синаб кўринг
Назорат саволлари
- «Булутли ҳисоблаш» технологияси деганда нима тушунилади?
- «1С» дастурларидан қайсилари булутли ҳисоблаш режимида мавжуд бўлиши мумкин?
- Дастурий таъминотдан SaaS режимида фойдаланишнинг хусусиятлари қандай?
- Дастурий таъминотдан узоқдаги хизмат сифатида фойдаланишнинг афзалликлари қандай?